Россия Ички ишлар вазирлиги Халқаро жиноий суд (ХЖС) раиси Пётр Хофманский, биринчи вице-президент Лус Дел Кармен Ибанес Карранса ва судья Бертрам Шмиттни қидирувга берди. Бу ҳақда “Медиазона” хабар бермоқда.
Ички ишлар вазирлиги сайтида ёзилишича, учала шахс ҳам “Жиноят кодексининг моддасига асосан қидирувга берилган”. Қидирилаётган шахслар ҳақида батафсил ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.
Май ойида Россия ҳукумати ХЖС прокурори Карим Аҳмад Хон ва судья Росарио Салваторе Айталени қидирувга берганди. Тергов қўмитаси уларнинг хатти-ҳаракатларини била туриб бегуноҳ шахсни жиноий жавобгарликка тортиш (Россия Жиноят кодексининг 299-моддаси) ва хорижий давлат вакилига ҳужум қилишга тайёргарлик (Россия Жиноят кодексининг 360-моддаси) бўйича квалификация қилган.
- 17 март куни ХЖС Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилганликда гумон қилинмоқда. Худди шундай ордер Россия болалар омбудсманı Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.
Изоҳ (0)