Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни таваллуд куни билан табриклади.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари унга катта муваффақиятлар, қардош туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Конструктив сиёсий мулоқот ва самарали идоралараро алоқалар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, Хоразм—Тошовуз чегараолди савдо зонасини ташкил этиш лойиҳаси биргаликда амалга оширилмоқда. Энергетика ва транспорт соҳаларидаги кооперация мустаҳкамланмоқда. Октябрь ойида Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилади.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорликни, шу жумладан амалдаги кўп томонлама форматлар доирасида кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Телефон мулоқоти якунида давлат раҳбари Туркманистон президенти ва халқини бўлажак Мустақиллик куни билан ҳам табриклади.
Изоҳ (0)