“Толибон” ҳаракатининг чегара расмийлари Ўзбекистонда чегарачилар билан учрашди. Бу ҳақда Bakhtar news хабар берди.
Ислом Амирлиги номидан делегацияга 6-чегара бригадаси қўмондони Мавлавий Мансур ва Ҳайратон портининг ташқи алоқалар бўйича директори ва комиссари Мавлавий Аминуллоҳ бошчилик қилган. “Қўшма мувофиқлаштириш” йиғилишида иштирок этиш мақсадида улар Ўзбекистонига ташриф буюриб, расмийлар билан музокара олиб борган.
Томонлар нималарни муҳокама қилди?
Учрашувда томонлар икки давлат чегара хавфсизлигини таъминлаш, чегара қўшинлари фаолиятини қандай мувофиқлаштириш, муаммоларни ҳал қилиш, умумий чегараларни ҳимоя қилиш, яхши муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.
“Якунда улар чегарадаги ҳар қандай муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилишга ваъда берди”, — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, 9 июль куни “Толибон” ҳаракатининг Чегара ва қабила ишлари вазирлиги Ўзбекистон чегарачилари билан учрашганди. Улар чегара ҳудудлари аҳолиси дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилган. Афғонистоннинг амалдаги расмий вакиллари террорчи гуруҳларнинг Ўзбекистонга қарши Афғонистон тупроғидан фойдаланишига йўл қўймасликка ваъда берган.
Изоҳ (0)