Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ собиқ президенти Дональд Трампни Украинадаги урушни тугатиш бўйича тинчлик режасини оммага тақдим этишга чақирди, деб хабар бермоқда CNN.
Шу билан бирга, Зеленский урушни тугатиш учун тинчлик режасидаги “қизил чизиқлар”ни эслатди. У Дональд Трампни Украина ўз ҳудудларидан воз кечишни назарда тутувчи ҳеч қандай тинчлик режасини кўриб чиқмаслиги ҳақида огоҳлантирди.
“Шунинг учун (агар) ҳудудимизнинг бир қисмини тортиб олиш ва уни Путинга бериш ғояси бўлса, бу тинчлик формуласи эмас”, — деди Зеленский БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқишидан кейин.
Дональд Трамп агар у президент бўлса, Украинадаги урушни атиги бир кунда тугатиш бўйича музокара олиб боришини бир неча бор таъкидлаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тегишли фикр ҳақиқатдан узоқ эмаслигини айтган. Песков Американинг ҳозирги президентида бундай имконият борлигини, лекин у Украинага қурол етказиб беришни танлаганини таъкидлаган.
Яқинда Путин 2024 йилги сайловларда Дональд Трампнинг ғалаба қозониши АҚШ билан муносабатларни ўзгартирмаслигини айтди.
Изоҳ (0)