Қирғизистонда Жогорку Кенеш йиғилишида депутат Жанар Акаев географик номлар ўрнига одамларнинг исмларини қўллашни тўхтатишни таклиф қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Депутат пули борлар отасининг исмини кўча ва қишлоқлар номларига қўяётганини айтди.
“Қанчалик улуғ инсон бўлмасин, туман ва қишлоқларга одамлар номини беришни тўхтатишимиз керак. Ҳозир ҳамма шу туфайли рақобатлашмоқда. Битта мактаб қурилаётган бўлса, тўрт киши ўз отасининг исмини бермоқчи. Агар улар ҳақиқатан ҳам халққа хизмат қилган бўлса, улуғ бўлган бўлса, улар ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олиниши, китоблар ёзилиши керак”, — деди халқ депутати.
Шунингдек, у “Географик номлар тўғрисида”ги қонун ерларга одамлар номини беришни тақиқлашини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси Боткен, Жалолобод ва Иссиқкўл вилоятларидаги айрим туман ва қишлоқларнинг номларини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини таклиф қилган эди. Қўмита мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган.
Изоҳ (0)