Рус оммавий ахборот воситалари раҳбарлари Россия президенти маъмуриятидан Владимир Зеленскийни Украина президенти деб аташни тўхтатишни талаб қилувчи кўрсатма олди. Бу ҳақда 18 сентябрь куни “Холод” нашри хабар берди.
Ушбу талаб барча турдаги оммавий ахборот воситаларига, жумладан, телеканаллар ва онлайн нашрларга ҳам тааллуқли, деди “Холод”га шундай буйруқ олган ОАВ ходимлари.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Кремль ўз назорати остидаги таҳририятлар: “ТАСС”дан “Ридовка”гача янги стандартларни ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
Кремль вакиллари нашрларда Владимир Зеленскийнинг лавозимини эслатмаслик ёки унинг фаолиятини ёритишда “Зеленский режими” иборасини ишлатишни таклиф қилмоқда. Сарлавҳалардан ташқари, ушбу талаб материал матнининг бошқа қисмларига ҳам тегишли. Айни пайтда асосий эътибор янгиликлар агрегаторларида маълумот узатилганда сарлавҳаларда Владимир Зеленскийни президент деб атамасликка қаратилган.
Изоҳ (0)