Ўзбекистондаги Болалар миллий тиббиёт марказида йил бошидан буён 1200 та кардиохирургик амалиёт ўтказилди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Болалар миллий тиббиёт марказида жарроҳлик ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар мутахассислари ва олий таълим муассасалари талабалари операцияларни онлайн тарзда кузатиб бориши, замонавий технологиялар орқали масофавий тиббий кўриклар ҳамда консилиумлар ташкил этиш имкони яратилган.
Ушбу технологиялар асосида 2022 йил мингга яқин, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1200 та кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилди. Қашқадарё ва Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари таркибида марказ филиали сифатида болалар кардиохирургия бўлимлари ташкил қилиниб, шу йил 20 дан ортиқ беморда кардиожарроҳлик операциялари бажарилди.
Жорий йил чет давлатлар билан ўрнатилган ўзаро алоқалар натижасида марказнинг урологик ва пластик хирурглардан иборат мутахассисларининг малака ошириши йўлга қўйилди. Жумладан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларида марказ хирурглари томонидан ҳамкорликдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, ушбу мамлакатлардан келган мутахассислар муассасада тажриба алмашиб бормоқда.
Изоҳ (0)