Қирғизистонда ўзбекистонликлардан пул ундирмоқчи бўлган “Жайит қўмитаси” (Яйловдан фойдаланувчилар уюшмаси ижроия органи) раиси К.К қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, Каktus.media хабар берди.

Ўзбекистон фуқароси Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига товламачилик бўйича мурожаат қилган. У Ала-Бўка тумани Кўк-Тош қишлоқ округи “Жайит қўмитаси” раисига нисбатан чора кўришни сўраган.
Аризачи қирғизистонлик амалдор Ўзбекистон фуқароларига тегишли тўққиз бош қорамолни қонунга хилоф равишда ушлаб, эгаларига қайтариш учун 2 минг доллар талаб қилганини айтган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан товламачилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Кўп ўтмай, гумонланувчи товламачилик суммасининг бир қисмини – 1 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
У икки ой муддатга Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Жалолобод вилоятидаги вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
Изоҳ (0)