Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон бугун, 4 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтадиган музокараларда Қатар иштирокида Россия ғалласини Туркия орқали Африкага етказиш имкониятларини муҳокама қилади. Бу ҳақда Анқарадаги сиёсий доиралардаги манбага таяниб, “ТАСС” хабар берди.
“Қатар молиявий кўмагида Россиядан Туркия орқали Африканинг муҳтож мамлакатларига ғалла етказиб бериш сценарийси президентлар кун тартибида бўлади”, — деди агентлик манбаси.
Манбага кўра, музокараларнинг асосий мавзуси дон битими бўлиши керак. Эрдўғон БМТнинг янги шартларини ҳисобга олган ҳолда келишувни давом эттириш масаласини кўтаришни режалаштирмоқда.
Шунингдек, сиёсатчилар учрашувда Туркияда газ хаби яратиш ва Россия табиий газини мамлакат орқали Европага етказиб бериш лойиҳасини ҳам муҳокама қилади, деди манба.
Ўз навбатида, Туркия ОАВ хабар беришича, Эрдўғон Путин билан учрашувда Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокараларда Туркия воситачилигини таклиф қилмоқчи.
Россия ва Украина ўртасидаги дон шартномаси Туркия ва БМТ воситачилигида 2022 йил июль ойида тузилган эди. Келишув муддати 2023 йил 17 июлда тугади. Россия ҳукумати келишувнинг Москвага тааллуқли қисмлари бажарилмагани сабабли у тўхтатилганини эълон қилди. 18 июлдан бери Россия қўшинлари Украина порт инфратузилмаси объектларига, жумладан, Одессага ҳужум қилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги буни Қрим кўпригидаги портлаш учун “қасос” деб атамоқда.
Изоҳ (0)