Ироқда йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, оқибатда 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда AP нашри икки тиббиёт ходимининг кўрсатмаларига таяниб хабар бермоқда.
Хабарга кўра, ҳодиса 1 сентябрь куни содир бўлган. Зиёратчиларни Карбало шаҳрига олиб кетаётган автобус Бағдод шимолидаги трассада ағдарилиб кетган. 15 нафар эркак ва уч аёл ҳалок бўлган.
Маҳаллий расмийларга кўра, қурбонлар орасида 10 нафар эронлик, икки нафар ироқлик (автобус ҳайдовчиси ва унинг ўғли) ҳамда фуқаролиги номаълум олти киши бор.
Аввал Ҳиндистонда зиёратчилар ўтирган автобус дарага қулаб, 10 киши ҳалок бўлганди. Автобусда камида 65 киши бўлган, бу белгиланган сиғимдан ортиқ эди.
Шунингдек, Покистонда йўловчи автобуси кўприкка урилиб, жарга қулагани ҳақида хабар берилганди. Автобус ичида 44 киши тириклайин ёниб кетган. Испанияда эса автобус дарёга қулаб тушган, олти киши ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)