14 август куни кечқурун Доғистон пойтахти Махачқалъада рўй берган портлашда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда “ТАСС” агентлиги Доғистон раҳбари матбуот хизматига таяниб, хабар берди.
Хабарга кўра, Доғистон раҳбари Сергей Меликов йиғилишда Махачқалъа чеккасидаги ёнилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш ва ёнғин оқибатида хорижий давлатлар фуқаролари ҳалок бўлганини маълум қилган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Махачқалъа чеккасида содир бўлган портлашда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Қурбонларнинг оилаларига 1 миллион рубль миқдорида (128,5 млн сўм) ёрдам кўрсатилади”, — деди “ТАСС” манбаси.
Республика раҳбарининг матбуот хизмати “ТАСС”га маълум қилишича, фожиадан бир неча кун ўтиб Доғистон жамғармалари ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун 100 миллион рублдан (12,8 млрд сўм) ортиқ маблағ йиғган.
Махачқалъадаги портлаш
Махачқалъадаги портлаш 14 август куни кечқурун содир бўлди. Оқибатда 35 киши ҳалок бўлди, 80 га яқин одам яраланди. Дастлаб, қурбонлар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги айтилди.
Россия Тергов қўмитаси томонидан икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Доғистонда мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)