“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Африка давлатларидан бирида экани айтилган видеомурожаат йўллади. Видео, хусусан, компанияга яқин Grey Zone Telegram каналида эълон қилинди.
“Ишлаяпмиз. Ҳарорат 50... “Вагнер” РҚО (разведка ва қидирув операцияларини) олиб боряпти. Россияни барча қитъаларда янада буюкроқ қиляпти, Африкани эса янада эркинроқ”, — дейди компания раҳбари.
Пригожиннинг сўзларига кўра, ҳозир “Вагнер” ИШИД, “Ал-Қоида” ва бошқа тўдаларни “даҳшатга соляпти”.
Тадбиркор, шунингдек, “Вагнер” ўз олдига қўйилган ва “эришишга ваъда берган” вазифаларни бажаришда давом этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, энди компания “қаҳрамонларни ишга оляпти”.
Пригожин Африканинг қайси давлатида экани ва “Вагнер” айнан қандай вазифаларни бажараётганига аниқлик киритмади.
“Вагнер” қўзғолонидан кейин Кремль Пригожин билан келишувга эришгани, у ўз ёлланма аскарлари билан Беларусга кетишга рози бўлганини эълон қилганди. Кейинчалик мустақил кузатувчилар Беларусда “Вагнер” отрядлари пайдо бўлганини қайд этди. Шу билан бирга, Пригожиннинг самолёти бир неча бор Беларусь ва Россия ўртасида парвоз қилган, бир марта тадбиркор ва “Вагнер” командирлари Кремлга ташриф буюриб, Владимир Путин билан учрашган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.
Изоҳ (0)