Жиззах шаҳридаги МЧЖ 3 млрд 840 млн сўм ёки 19 200 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳолат Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида ўтказилган навбатдаги назорат тадбирларида аниқланган. Ўрганиш давомида мазкур МЧЖга қарашли пигментли бўёқ ишлаб чиқариш корхонасининг шартнома ва лойиҳа ижро-техник ҳужжатларида кўрсатилмаган 20 та бўёқ пишириш печи тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланилаётгани маълум бўлди.
Мазкур ноқонуний ҳолатлар натижасида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 3 миллиард 840 миллион сўмни ташкил этган. Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.
Маълумот учун: ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 19 минг 200 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Изоҳ (0)