11 август куни Бишкекда махсус тузилган комиссия масжид ва мадрасаларни текширишга киришди. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасига таяниб, Asia-Plus хабар берди.
Қайд этилишича, масжид ва мадрасаларнинг ҳужжатлари, жумладан, улар жойлашган участкалар ҳам текширувдан ўтади. Ўқув дастурлари, санитария-гигиена ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши ҳам кўздан кечирилади.
Текширувга ҳозирлик кўрмаган раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъкидланмоқда.
Аввалроқ Қирғизистоннинг Ўш вилоятида ўтказилган текширув натижаларига кўра 39 та масжид ва 21 та исломий таълим муассасаси фаолияти тўхтатилгани, 48 та масжид ва 40 та диний таълим муассасаси бўйича кўрсатмалар берилгани маълум бўлганди.
Бунгача Жалолобод вилоятида идоралараро комиссия томонидан ноқонуний фаолият юритаётган 60 та масжид аниқланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда 2,6 мингга яқин масжид, 100 га яқин мадраса ва 10 та исломий институт мавжуд.
Изоҳ (0)