Меtа асосчиси Марк Цукерберг Илон Маск билан жанги Римда бўлиб ўтиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
“Мен бу спорт турини яхши кўраман ва Илон менга чорлов ташлаганидан буён ўша кунни интиқлик билан кутяпман. Агар у аниқ бир санани танласа, буни эълон қиламиз.
Жанг UFC ёки ONE каби профессионаллар билан ҳамкорликда ташкил этилади. У Римда бўлмайди.
Дана Уайт жангдан тушган пулларни хайрияга сарфлашни таклиф қилмоқда. Маск негадир жиддий қарамаяпти. Агар у бир қарорга келса, мен билан қандай боғланишни билади.
Мен бу спорт турига жиддий қарайдиган инсонларга диққатимни қаратаман”, — деб ёзади Марк Цукерберг.
Эслатиб ўтамиз, Цукерберг Twitter’га (ҳозирда Х) рақобатчи Threads тармоғини ишга туширгач, Маск Мета асосчисига қарши жанг эълон қилди. Яъни 51 ёшли Маск ҳаваскорлар ўртасидаги бразилияча жиу-жицу турнирида ғолиб чиққан 39 ёшли Цукербергни “қафасдаги жанг”га чақирди.
Цукерберг чақириқни қабул қилиб, жанг бўладиган манзилни жўнатишни сўраган. Маскнинг онаси Мей Маск Меtа корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг билан ўғли ўртасидаги жангни бекор қилганини айтган. У томонлар ўртасидаги баҳс гап орқали ҳал бўлишини илгари сурган.
Илон Маск уни жангга UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов тайёрлашини хоҳлаган. Бироқ Ҳабиб мазкур таклифни рад этган, сабаби эса очиқланмаган.
Изоҳ (0)