Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 10 августга ўтар кечаси Москва томон учаётган иккита ҳужумчи дронни уриб туширди. Бу ҳақда пойтахт мэри Сергей Собянин маълум қилди.
Мэрнинг сўзларига кўра, дронлар бири Калуга вилоятида, иккинчиси Марказий ҳалқа йўли ҳудудида уриб туширилган. У бошқа тафсилотларни келтирмади.
Россия Мудофаа вазирлиги “Киев режимининг дронлар ёрдамида терактлар уюштиришга уриниши бостирилгани” ҳақида маълум қилди. Вазирлик хабарида ҳам Москва йўналишида учаётган иккита дрон йўқ қилингани айтилади.
Москванинг Внуково ва Домодедово аэропортларида 10 августга ўтар кечаси самолётларни қабул қилиш ва учиришга чекловлар жорий этилди. “Внуково” матбуот хизмати “аэропортга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра” самолётлар парвозига чекловлар жорий этилганини билдирди. Домодедово эса чекловлар “парвоз хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чора сифатида” киритилганини таъкидлади.
10 августга ўтар кечаси Москва вилоятидаги Домодедово шаҳрида ёнғин ва портлашлар қайд этилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси матбуот хизмати Константиново қишлоғида автосервис ёнаётганини, ёнғин майдони 1 000 квадрат метрни ташкил этганини маълум қилди. Вазирлик ёнғин сабабларини келтирмади. BBC рус хизматига кўра, Домодедово аэропорти ёнғин жойидан 10 километр узоқликда жойлашган.
Бундан ташқари, аннексия қилинган Қримдаги Севастопол шаҳрига дронлар томонидан ҳужум қилинди.
“Бугун тунда флотимиз ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари билан ҳамкорликда Севастополга яқинлашаётган душман учувчисиз учоқларининг ҳужумини қайтарди”, — деб ёзади шаҳар губернатори Михаил Развожаэв Telegram’да.
Россия Мудофаа вазирлиги бу сафар ҳам ҳодисани “Киев режимининг теракт уюштиришга уриниши” деб атади.
Вазирлик маълумотларига кўра, навбатчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Севастопол яқинида иккита дронга зарба берган, яна тўққизта дрон радиоэлектрон кураш воситалари билан бостирилган. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, улар нишонга етмай Қора денгизда қулаган.
“Тўхтатиб қолинган террорчилик ҳужумлари оқибатида қурбонлар ва вайроналар йўқ”, — дея қўшимча қилди ҳарбийлар.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги охирги марта 4 август куни Қримга учувчисиз учар аппаратлар ҳужуми ҳақида хабар берганди. Ўшанда 13 та дрон уриб туширилгани айтилди. 30 июль куни вазирлик аннексия қилинган ярим оролда Украина Қуролли кучлари томонидан учирилган 25 та самолёт типидаги дронларни уриб туширганини даъво қилди.
Изоҳ (0)