Стокгольмда Минтторгет майдонидаги Швеция парламенти биноси олдида яна бир Қуръонни ёқиш акцияси ўтказилди, деб хабар бермоқда The Local. Икки эркак — Ироқ фуқаролари Салван Момика ва Салван Нажем аввал китобни тепкилаб, сўнг саҳифаларига ўт қўйган. Шундан кейин улар Қуръоннинг яна бир нусхасини йиртиб, ахлат қутисига ташлаган.
Стокгольм полицияси матбуот котиби Матс Эрикссоннинг AFP’га айтишича, тадбир “жамоат тартибига путур етказмаган ҳолда ўтказилган”.
Швецияда муқаддас китобларни таҳқирлашга қарши ҳеч қандай қонун йўқ. Полиция, агар улар катта тартибсизликларга олиб келмаслигига ишонса, бундай намойишлар учун рухсат бериши мумкин.
28 июнь куни Салван Момика худди шундай акцияни Стокгольмда шаҳар полицияси рухсати билан Медборярплацен майдонида амалга оширганди. Стокгольм собори масжиди яқинида бўлиб ўтган акцияни 200 дан ортиқ одам, жумладан, ОАВ вакиллари ҳам томоша қилган. Митингдан бир кун ўтиб, Бағдоддаги Швеция элчихонаси олдида юздан ортиқ ироқлик намойишчилар тўпланган, бир гуруҳ ироқликлар норозилик сифатида Швеция элчиси Жессика Свардстрёмни ҳайдаб юборишни талаб қилган.
Салван Момика ва Салван Нажем 20 июль куни ҳам Стокгольмдаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръонни оёқости қилганди.
Изоҳ (0)