Украина артиллерияси Россия позицияларига зарба бериш учун Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ўқ-дорилардан фойдаланмоқда, деб хабар берди Financial Times.
Украина КХДР снарядларини ишлатаётгани ҳақида илгари ҳеч қаерда маълум қилмаган, бундай снарядлар билан Бахмут яқинидаги “Град” ёппасига ўт очувчи совет реактив тизимларидан ўт очаётган ҳарбийлар уларни журналистларга кўрсатган.
Белгиларга қараганда, бу ўқ-дориларнинг аксарияти 1980—1990 йилларда ишлаб чиқарилган, деб ёзади ФТ.
Артиллерия бўлинмаси қўмондони журналистларга Шимолий Корея снарядлари кўпинча нотўғри йўналишда ўқ узиши ёки портламай қолишини айтди. Яна бир ҳарбий офицер журналистларни ракета отиш мосламасига яқин келмаслик ҳақида огоҳлантирди, чунки Шимолий Корея ўқлари “жуда ишончсиз ва баъзида аҳмоқона ҳаракатлар кўрсатади”. Шунга қарамай, Украина ҳарбийлари улардан фойдаланишда давом этмоқда.
“Қўлимизга тушган ҳар қандай ракета бизга зарур”, — деди бўлинма қўмондони.
Украина ҳарбийлари бу ўқ-дориларни қаердан олгани номаълум. Шимолий Корея урушда Россиянинг кам сонли иттифоқчиларидан бири саналади, шунинг учун КХДРнинг ўзи Украинага ўқ-дорилар етказиб берган бўлиши даргумон. Ҳарбийларнинг журналистларга айтишича, снарядлар “дўст” давлат кемасидан олинган. Шу билан бирга, Украина Мудофаа вазирлиги вакили Шимолий Корея ракеталари ўлжа қилиб олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
25 июль куни Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия Мудофаа вазирлиги делегацияси Корея урушидаги сулҳнинг 70 йиллиги муносабати билан Шимолий Кореяга борган эди. Ташриф давомида вазир Ким Чен Ин билан “глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларини” муҳокама қилди.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери Шимолий Корея доимий равишда Москва позициясини қўллаб-қувватлаб келади. Шимолий Корея БМТда Россияни қораловчи резолюцияларга қарши овоз берди, шунингдек, Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларидаги “референдумлар” натижаларини расман қўллаб-қувватлаган дунёдаги ягона бўлди.
Америка оммавий ахборот воситалари разведка манбаларига таяниб, Москва Пхеньян дан ўқ-дорилар сотиб олаётгани ҳақида бир неча бор ёзган. Шимолий Корея буни расман рад этган.
Изоҳ (0)