Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича Африка давлатлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда Россия “ҳар қандай низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга интилишини” айтди. Бу ҳақда Кремль сайтида хабар берилди.
Россия ҳукуматининг тинчликка тайёрлиги ҳақида гапирар экан, Путин 2022 йил баҳорида рус армиясининг Киевдан чекинишини мисол тариқасида келтирди:
“Аслида бу (тинчлик) шартноманинг лойиҳаси келишилган эди, лекин қўшинларимиз Киев яқинидан олиб чиқилгач — биздан якуний келишувга шарт-шароит яратиш учун шундай қилишимизни сўрашганди — Киев ҳукумати аввалги барча келишувлардан воз кечди”.
Путин келишувлар тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортди ва “бу унчалик ҳам тўғри бўлмаслигини” таъкидлади.
Шунингдек, Россия президенти ўз нутқида Украинадаги урушни “Ғарб бошлаган”ини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, Ғарб “Украинани НАТОга тортишни бошлаган”, Россия учун эса Украинанинг нейтрал мақоми “бош аҳамиятга эга”.
Россия 2022 йилнинг баҳорида Киевдан қўшинларини олиб чиқиб, буни тинчлик музокараларига қулай шарт-шароит яратиш учун “яхши ният” деб атаганди. Шунга қарамай, кўплаб экспертлар рус армияси Киев яқинида катта мағлубиятга учрагади ва ўз олдига янада аниқроқ мақсадлар қўйишга мажбур бўлди, деган фикрни билдирган.
Россия қўшинлари чекинган Украина ҳудудларида февраль ва март ойларида Россия истилоси пайтида ҳалок бўлган юзлаб тинч аҳолининг жасадлари топилди.
Изоҳ (0)