Қирғизистонда мамлакатдаги сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун кунлик тартибга солиш бассейнларини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг қайд этишича, бундай ҳолатга иқлим ўзгариши сабаб бўлмоқда, бунинг оқибатида сув ҳажми камаймоқда. Айниқса бу Чуй вилояти учун актуал ҳисобланади. Қирғизистон раҳбари бундай бассейнларсиз Бишкек ва Чуй водийсини тўлиқ сув билан таъминлаш қийинлигини айтди.
Ҳозирги вақтда Совет Иттифоқи даврида қурилган бассейнлар ишламоқда, аммо яқин келажакда ҳукумат янгиларини қуришга эътибор қаратади.
Жапаров Қирғизистон ушбу муаммони ҳал қилгандан сўнг, бошқа долзарб масалаларни ҳам енгишига ишонч билдирди.
Унинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати қийин пайтларда иш бошлаган, аммо ҳозирда мутахассислар жамоаси муаммоларни енгиб ўтмоқда. Яқин келажакда бир қатор муҳим масалалар, жумладан, сув таъминоти муаммоси ҳам ўз ечимини топади.
“Агар мамлакат мустақилликка эришган пайтдан бошлаб ҳар йили битта бассейн ва ГЭС қурса, ҳозир уларнинг сони 33 тага етарди. Бу мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини сезиларли даражада оширарди”, — дея хулоса қилди Қирғизистон раҳбари.
Изоҳ (0)