Сингапур суди кабутарларни мунтазам боқиб юрган эркакни 3600 доллар жаримага тортди. Гап шундаки, бу мамлакатда кабутарларга емиш бериш қонун билан тақиқланган.
67 ёшли қоидабузар биринчи марта 2022 йил августида Сингапур кўчаларида кабутарларга озуқа берган. Ўшандан бери у 16 марта “жиноят” устида ушланган.
Одатда Сингапурда бундай ҳаракатлар 500 Сингапур долларигача (тахминан 370 АҚШ доллари) жаримага тортилади. Аммо бу сафар қўлга олинган эркак мунтазам кабутарларни боқиб юргани учун жарима миқдори каттароқ бўлди.
Кабутарларга емиш беришнинг тақиқланиши тозалик ва гигиена нуқтаи назаридан жорий этилган.
Сингапур учун кабутарлар ҳақиқий “фалокат”дир. Улар атроф-муҳитни ифлослантиради, касаллик тарқатади, улардан қолиб кетган нон ва гуручлар каламуш ва бошқа зараркунандаларни ўзига тортади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳатто кўчада кийимларни қуритиб бўлмайди.
Огоҳлантирувчи баннерларга қарамай, баъзи одамлар ҳали ҳам кабутарларни боқишда давом этмоқдалар, шунинг учун кабутарлар келтираётган зарар йиллар давомида камаймаяпти.
Изоҳ (0)