Интерполнинг Тошкент ва Сеулдаги ММБлари ҳамкорлигида олиб борган ҳаракатлар туфайли халқаро қидирувда бўлган жиноятчини депортация қилиш масаласи ҳал этилди, деб хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.
Унга кўра, икки давлатнинг ўзаро ахборот алмашинуви ва ҳамкорликдаги тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореяда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия ходимларининг бевосита кўмагида ҳамда Интерполнинг Тошкент ва Сеулдаги ММБларининг учрашувлар чоғидаги аввалги келишувлари асосида экстремистик мавзудаги материалларни тарқатишда айбланаётган халқаро даражадаги қидирувда бўлган жиноятчини топшириш тадбири амалга оширилди.
Қидирувдаги шахс чет эл давлатининг телефон рақамидан фойдаланиб, янги профил яратган, турли ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар, ғоялар ва аудиоматериалларни тарқатган.
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари ҳамда Интерполнинг Тошкент ва Сеулдаги ММБлари ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор ҳаракатлар натижасида жиноятчи Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш учун чиқариб юборилди.
Изоҳ (0)