Стокгольмдаги Исроил элчихонаси яқинида Таврот ва Инжилни ёқиб юбориш акцияси ташкилотчиси диний китобларни ёқишдан бош тортди ва бундай намойишларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Folkbladet хабар бермоқда.
“Мен мусулмонман. Биз муқаддас китобларни ёқмаймиз. Менга бу зажигалка керак эмас”, — деди у журналистлар воқеа жойига йиғилгач.
Аввалроқ 30 ёшли эркак Таврот ва Инжилни ёқиб юбориш учун полициядан рухсат олган эди. У Стокгольмда қайта-қайта ўтказилган Қуръонни ёқиш акциясига жавобан шундай иш қилмоқчи бўлган.
Исроил президенти Ицхак Герцог Швеция расмийларининг Таврот ва Инжилни ёқишга рухсат бериш қарорини қоралади. “Мен бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас бўлган Қуръоннинг ёқиб юборилишини қораладим ва энди яҳудий халқининг абадий китоби бўлмиш Тавротни ҳам худди шундай тақдир кутаётганидан афсусдаман”, — деди у.
Шунингдек, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лиор Ҳаят ҳам бу акцияни қоралаб чиққанди.
“Исроил Швециядаги Исроил элчихонаси олдида Тавротни ёқиш ниятини кескин қоралайди. Муқаддас китобларни ёқиш нафрат ва муросасизликдир, бунинг сўз эркинлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Швеция расмийларини муқаддас китобларни ёқишнинг олдини олишга чақирамиз”, — деб ёзди дипломат.
Изоҳ (0)