Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виейранинг айтишича, Бразилия ҳукумати Украинага қурол етказиб берилишига қарши. Бу ҳақда у "РИА Новости" агентлигига берган интервьюсида гапирди.
Виейра 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО саммити натижаларини шундай изоҳлади.
Саммит якунлари бўйича альянс Украина армиясини модернизация қилиш ва Украина Қуролли кучларини НАТО стандартларига тўлиқ ўтказиш бўйича узоқ муддатли ҳарбий ёрдам дастурини амалга оширишга ваъда берди.
Саммитдан сўнг “Катта еттилик” давлатлари баёнот қабул қилиб, унда Украинага келажакда ўзини мустақил ҳимоя қила олиши учун шундай ҳарбий имкониятлар беришни ваъда қилишди.
"Бразилия зиддиятга киришган томонларга қурол юбормаслик ҳақидаги ўз позициясига амал қилади", - деди Виейра.
Вазирнинг таъкидлашича, Бразилиянинг бу борадаги позицияси, шунингдек, мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланмаган бир томонлама санкцияларга қаршилиги ўзгаришсиз қолмоқда.
Виейра буни "Бразилия ташқи сиёсатининг тарихий позицияси" деб атади.
Изоҳ (0)