Украина стратегик саноат вазири Александр Камишин мамлакатда Туркиянинг Bayraktar дронларини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланганини айтди. Бу ҳақда “Strana.ua” хабар берди.
“Украинада бир-икки йилдан бери гапирилаётган Bayraktar заводига келсак, бу заводда қурилиш ишлари бошланган. Бу борада музокаралар бўлди, кейин пауза ва можаролар кузатилди. Бу завод нафақат меморандумлар асосида, балки амалда қурила бошланди”, — деди Камишин.
8 июль куни Туркия ва Украина ўртасида дронларни биргаликда ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди. Туркиянинг Baykar компанияси бош директори Ҳалук Bayraktarнинг айтишича, компания 2025 йилда Украинада Bayraktar ТB2 ва Bayraktar Акинжи дронларини ишлаб чиқаришни бошлашни кутмоқда.
Украинада Bayraktar зарба берувчи дронларини ишлаб чиқарувчи завод қуриш режалари ҳақида Туркиядаги элчи Василий Боднар 2022 йил август ойида эълон қилганди.
Заводнинг Киев вилоятидаги майдони 30 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиши режалаштирилган, унда 300 нафар украиналик муҳандис ва техниклар ишлайди. Украинадаги Bayraktar маркази қурилиши учун жой 2023 йил февраль ойида маълум бўлганди.
Изоҳ (0)