АҚШ президенти Жо Байден CNN телеканалига берган интервьюсида Украинанинг НАТОга қўшилишига ҳали эрта эканлигини ва уни Россия билан можаро тугамагунча амалга ошириш мумкин эмаслигини айтди.
“Менимча, НАТОда Украинани ҳозир, айни уруш авжида НАТО оиласига қабул қилиш ёки қабул қилмаслик борасида якдиллик мавжуд эмас”, — деди Байден телеканалга берган интервьюсида.
У Украинанинг можаро тугамасдан туриб альянсга киришини “НАТОнинг барча аъзоси Россия билан уруш ҳолатида” бўлиб қолиши билан изоҳлади.
Байденнинг тушунтиришича, Қўшма Штатлар “НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга тайёр”.
НАТО таъсис шартномасининг 5-моддасига кўра, бир аъзога қилинган ҳужум барча 30 та аъзо давлатга қилинган ҳужумга тенг.
Жо Байден, шунингдек, АҚШ ва унинг Шимолий Атлантика альянсидаги иттифоқчилари Киевни зарур қуроллар билан таъминлашда давом этишини тасдиқлади.
Изоҳ (0)