Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байденни Украина НАТОга урушдан кейин қўшилган тақдирда ҳам, мамлакатни ҳозироқ альянсга таклиф қилишга чақирди. Бу ҳақда Зеленский CNN телеканалига берган интервьюсида гапирди.
Украина президентининг сўзларига кўра, Байден Украинанинг НАТОга кириш-кирмаслигини “ҳал қилувчи шахс” ҳисобланади. Унинг қўшимча қилишича, ҳозироқ таклиф қилиш Украина аскарлари учун катта руҳлантириш бўлади.
“Келажакда чиндан ҳам иттифоқчилар ёнида бўлишингизни ҳис қилиш жуда муҳим”, — деди Зеленский.
У уруш давом этаётган бир пайтда Украинани НАТОга қабул қилишнинг иложи йўқлигини тушунишини айтди.
“Аммо тегишли сигнал жуда муҳим ва бу Байденнинг қарорига боғлиқ”, — деб таъкидлади Зеленский.
Ўтган ҳафта Зеленский Украинанинг уруш пайтида НАТОга қўшила олмаслигини тушунишини, бироқ агар Украина альянсга қачон қўшилиши мумкинлиги ҳақида аниқ сигнал олмаса, НАТОнинг Вилнюсдаги саммитида қатнашишдан маъно кўрмаслигини айтганди.
Июнь ойида НАТО бош котиби Енс Столтенберг бўлажак саммитда альянс Киевга аниқ сигнал беришини ва мамлакат келажаги НАТОда эканини очиқ кўрсатишни ваъда қилди. Шу билан бирга, у Украинанинг ғалабасини альянсга аъзолик бўйича ҳар қандай мазмунли муҳокама учун зарурат деб атади. Зеленский Столтенбергни Украина ҳарбийларини демотивация қилишда айблади.
Изоҳ (0)