Кореядаги энг йирик конгломерат эгаси, Booyoung Group раҳбари Ли Чжун Кин Сеул яқинидаги қишлоқнинг 280 нафар аҳолисининг ҳар бирига 70 минг доллардан тарқатди. Бу ҳақда UPI хабар берди.
Маълум қилинишича, Унпен-ри қишлоғи миллиардер туғилиб ўсган жой ҳисобланади. 82 ёшли миллиардер қишлоқда яшовчи ҳар бир кишига, ҳатто яқинда кўчиб келганларга ҳам моддий ёрдам кўрсатишга қарор қилган. Жами сумма 180 миллион долларга етган, бундан ташқари, Ли Чжун Кин қишлоқдошларига китоблар ва турли совғалар юборган.
Миллиардернинг асосий мақсади йиллар давомида она шаҳрини ҳимоя қилиш ва сақлашга ёрдам берган барча қишлоқ аҳолисига ўз миннатдорлигини билдириш бўлган.
“Ли ва унинг компанияси Камбожа, Вьетнам ва Лаосда ҳам хайрия ишларини амалга оширган”, — дейди Booyoung Group вакили.
Ли ўз фаолиятини 1970 йилларда кўчмас мулк қурувчиси сифатида бошлаган. Кейинчалик унинг компанияси ривожланиб, Кореядаги меҳмонхона, ресторан ва голф саноатини эгаллади. Бугунги кунда Ли компанияси 16 миллиард долларлик активлари билан Кореядаги энг йирик 22-конгломерат ҳисобланади.
Бундан ташқари, унинг шахсий бойлиги 1 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу эса уни мамлакатнинг энг бадавлат 30 кишиси рўйхатига киритиш имконини беради.
Маълумот ўрнида, 2004 йилда Ли Чжун солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланганди. 2018 йилда у тегишли моддалар билан ҳибсга олинган. Натижада миллиардер 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 2021 йилда шартли равишда озодликка чиққан.
Изоҳ (0)