Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путиннинг Евгений Пригожин исёнига муносабатини “заиф” деб баҳолади. У CNN телеканалига берган интервьюсида бу ҳақда гапирди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, исён Путин ҳамма нарсани “назорат қилмаётганини” кўрсатди. Украина президенти “Вагнер” аскарларининг юзлаб километр масофани қаршиликсиз босиб ўтгани Путин ҳудудлардаги вазиятни назорат қилмаётганидан далолат беришини таъкидлади.
“У илгари эгалик қилган вертикал ҳокимият шунчаки қулаб тушмоқда”, — дея ўз фикрини билдирди Зеленский.
Зеленский исён пайтида русларга рус тилида мурожаат қилиб, “Кремлдаги одам (Путин) жуда қўрқиб кетгани ва эҳтимол бирор жойда яширинаётганига” ишонч билдирганди. Украина президентининг сўзларига кўра, “бу одам Кремлда қанча узоқ турса, фалокатлар шунчалик кўп бўлади”.
Пригожин исёни
“Вагнер” билан боғлиқ воқеалар Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини вагнерчилар лагерига зарба беришда айблаб, жавоб беришга ваъда берганидан кейин бошланди. 24 июнь куни эрталаб “Вагнер” кучлари Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини тўсиб, Москва томон йўл олди. Россия Мудофаа вазирлиги айбловларни рад этиб, буни провокация деб атади.
Ўша куни кечқурун, Лукашенко билан музокаралар натижасида Пригожин чекинишини эълон қилди. Кремль Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилиши, вагнерчилар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва Пригожиннинг ўзи Беларусга кетиши мумкинлигини билдирди.
Изоҳ (0)