Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу “Вагнер” компанияси асосчиси Евгений Пригожин томонидан уюштирилган исёнга биринчи марта изоҳ бериб, воқеа қўшинларга таъсир қилмаганини айтди. Шойгунинг сўзларини “РИА Новости” келтирмоқда.
“Бу режалар, биринчи навбатда, Қуролли кучлар шахсий таркиби ўз қасамёди ва ҳарбий бурчга содиқлик кўрсатгани учун барбод бўлди. Провокация қўшинларнинг ҳаракатига таъсир қилмади. Ҳарбий хизматчилар ўзларига юклатилган вазифаларни жасорат ва фидойилик билан ҳал қилишда давом этди”, — деди Шойгу.
- Эслатиб ўтамиз, Евгений Пригожин 23 июнь куни исён кўтариб, Москвага қарши “адолат марши” эълон қилди. “Вагнер” асосчиси мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовнинг истеъфосини талаб қилди. Пригожин Александр Лукашенко билан музокаралардан сўнг маршни тўхтатди, ёлланма аскарлар Украинанинг Луганск вилоятига қайтди.
- Исён давом этаётган вақтда Сергей Шойгу жамоатчилик олдида кўриниш бермади, нималар бўлаётганини ҳам изоҳламади.
- 26 июнга келибгина Россия Мудофаа вазирлиги Шойгунинг рус қўшинларининг “фронт олди қўмондонлик пункти”га ташриф буюргани акс этган видеони эълон қилди. Bloomberg маълумотларига кўра, исёндан сўнг Шойгунинг энг яқин маслакдошларига нисбатан текширувлар ўтказилган.
Изоҳ (0)