“Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси қўмондонлари кенгаши “Пригожиннинг ўнг қўли” полковник Андрей Трошевни ишдан ҳайдади. Бу ҳақда “Gulagu. net” лойиҳаси хабар берди.
“Маҳаллий урушлар ва ҳарбий конфликтлар фахрийлари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича лига” раиси А.Н. Трошевнинг ваколатлари Президент маъмурияти топшириғига асосан тугатилганини маълум қилди.
“Қўмондонлар кенгаши” Трошевнинг ўрнига “Вагнер” кампаниясининг 5-ҳужум отряди собиқ қўмондони, Россия Қуролли кучлари бош штаби бош бошқармаси махсус кучлари 14-бригадасининг собиқ зобити Дмитрий Александрович Подолский тайинланган.
Қарор Трошевнинг Ростов Ички ишлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати ва божхона идораларига “Вагнер” ҳарбий техникалари учун Ростовга кириш йўлини тозалаш талаби билан юборган хатидан сўнг қабул қилинган.
Пригожин исёни
“Вагнер” билан боғлиқ воқеалар Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини вагнерчилар лагерига зарба беришда айблаб, жавоб беришга ваъда берганидан кейин бошланди. 24 июнь куни эрталаб “Вагнер” кучлари Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штаб-квартирасини тўсиб, Москва томон йўл олди. Россия Мудофаа вазирлиги айбловларни рад этиб, буни провокация деб атади.
Ўша куни кечқурун, Лукашенко билан музокаралар натижасида Пригожин чекинишни эълон қилди. Кремль Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилиши, вагнерчилар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва Пригожиннинг ўзи Беларусга кетиши мумкинлигини билдирди.
Изоҳ (0)