Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний The Washington Post нашрига Украинанинг қарши ҳужуми кутилганидан секинроқ кечаётгани ҳақидаги фикрлардан аччиқланишини айтди.
“Бу шоу эмас. Бу бутун дунё томоша қиладиган, пул тикадиган шоу ёки шунга ўхшаш нарса эмас. Ҳар куни ҳар бир метр учун жон берилмоқда”, — деди Залужний.
Украина Қуролли кучлари қўмондонининг сўзларига кўра, украиналик ҳарбийлар “ҳар куни” олға силжимоқда, “ҳатто атиги 500 метр бўлса ҳам”. У агар ўсиш кузатувчилар истагандек тез бўлмаса, бу “уларнинг муаммоси” эканини таъкидлади.
Залужний, шунингдек, тезроқ ҳаракат қилиш учун Украина ҳарбийларига Ғарбдаги иттифоқчилардан янада кўпроқ қурол-яроғ, шунингдек, ҳавода устунликка эришиш учун Ф-16 қирувчи самолётлари зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Сўнгги ҳафталарда Америка оммавий ахборот воситалари ўз манбаларга таяниб, Украина ҳужумининг дастлабки босқичи ҳозиргача Ғарб давлатларининг “умидларини оқламаётгани” ҳақида ёзди.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳужум “керакли суръатдан секинроқ” кечаётганини тан олди. Шу билан бирга, у ва бошқа Украина расмийлари якуний муваффақиятга ишончи комил эканини таъкидламоқда.
Ҳужум бошланишидан олдин Ғарб матбуотида иттифоқчиларнинг Украинани давомий қўллаб-қувватлаши кўп жиҳатдан унга боғлиқ, деган фикрлар билдирилди. Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, агар ҳужум муваффақиятли кечмаса, Ғарб қўллаб-қувватлаш ҳажмини қисқартириши ва Украинани музокарага ундай бошлаши мумкин.
Изоҳ (0)