Twitter’нинг янги эгаси Илон Маск жанг санъатлари ишқибози бўлган Meta бош директори Марк Цукерберг билан жанг қилишга тайёрлигини маълум қилган.
Meta’га тегишли Instagram Twitter’га рақобатдош бўладиган, матнга асосланган ижтимоий тармоқ яратиш режалари ҳақидаги хабар берганидан сўнг, 51 ёшли Маск яқинда ҳаваскорлар ўртасидаги бразилияча жиу-житсу турнирида ғолиб чиққан 39 ёшли Цукербергни “қафасдаги жанг”га чақирди.
Маск сешанба куни Twitter’га ўзининг ёш рақибини Meta компаниясига тегишли янги платформага ҳеч қандай имконият қолдирмаслиги ҳақида огоҳлантириб, изоҳ қолдирган.
Фойдаланувчилардан бири Маскка: “Яхшиси, эҳтиёт бўл, у жиу-житсу билан шуғулланаётгани ҳақида эшитдим”, — дея ёзиб қолдирган.
Бунга жавобан тадбиркор: “Агар шунақа бўлса, у билан қафасда жанг қилишга тайёрман”, — деб жавоб қайтарди.
Илон Маск 2022 йил Жо Роган билан бўлган подкастда болалигида киокушин каратэ, таэквондо, дзюдо ва бразилияча жиу-житсу билан шуғулланганини айтиб ўтганди.
Шунингдек, Маск сумо жангчисига қарши спаррингга чиққан суратини ҳам улашган. “Уни улоқтиришга муваффақ бўлдим, лекин бунинг эвазига 8 йиллик бел оғриғини орттириб олдим”, — ушбу суратга изоҳ бераркан Илон.
Цукерберг эса Лех Фридман билан бўлиб ўтган подкастда жиу-житсуни ўрганаётган вақтда, ҳатто, калтакланишга ҳам тайёр бўлганини таъкидлаган.
Марк ўз Instagram саҳифасида Илонга жавоб тариқасида: “Менга манзилни жўнат”, — дея ёзиб қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Марк Цукерберг ўзининг жиу-житсу спарринги тасвирланган кадрларни эълон қилганди. Видеода Марк жиу-житсу бўйича машҳур чемпион Марк Мусумечи билан машғулот ўтаётганини кўриш мумкин. Facebook асосчиси MMA’да иштирок этиш учун машғулот ўтаётганини айтиб ўтган.
Изоҳ (0)