Қозоғистоннинг собиқ маданият ва спорт вазири, Миллий музейнинг собиқ директори Аристанбек Мухамедули 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Остона суди матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукм 20 июнь куни Қозоғистон пойтахтининг 2-Бойқўнғир туман судида эълон қилинди.
Аристанбек Мухамедули 2022 йилнинг май ойида ҳибсга олинганди. У халқаро кўргазмани ўтказиш учун ажратилган 146 миллион тенгени (337 минг доллардан кўп) ўзлаштирганликда айбланмоқда. Мухамедули 2019 йилда Остонадаги Миллий музейга раҳбарлик қилишни бошлаган. 2021 йил музейда “Олтин одамнинг дунё музейлари бўйлаб юриши” халқаро кўргазмаси ташкил этилган. Кўргазма Россия, Туркия, Греция, Малайзия, Шимолий Македония, Ўзбекистон каби 12 давлатда намойиш этилган.
Мухамедули ўзининг айбсизлигини даъво қилди. Ҳукм эълон қилинганидан кейин у суд қарорига эътироз билдириш ниятида эканини айтди.
Шунингдек, Мухамедули умрбод давлат хизмати ва квазидавлат сектори лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Апрель ойида Қозоғистонда собиқ генерал Серик Кудебаевга нисбатан 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди. 2022 йил январь воқеалари бўйича айбланувчи қочоқ генерал Кудебаев Истанбулда қўлга олиниб, Қозоғистонга олиб келинган.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимов эса давлатга хиёнат, ҳокимиятни эгаллашга уриниш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, 18 йилга қамалган.
Изоҳ (0)