Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифининг иккинчи кунида Милан шаҳрида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, учрашув аввалида давлат раҳбари Аттилио Фонтанани губернатор этиб қайта сайлангани билан табриклади ва ушбу лавозимдаги фаолиятига муваффақиятлар тилади. Учрашувда, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Ўтган йилда Ўзбекистон ҳудудларининг Ломбардия билан товар айирбошлаш ҳажми 83 фоизга ошди. Апрель ойида Милан ва Тошкент ўртасидаги авиақатновлар қайта тикланди. Ҳудуднинг Пиeтро Фиорентини, Терранова, Даниeли, Фин. Опера каби етакчи компаниялари билан мустаҳкам шериклик алоқалари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Президенти қўшма савдо ва инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технология ва билимларини Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Ломбардия билан ҳамкорлик дастурини тез фурсатда тайёрлаш, Самарқандда қўшма инвестиция форумини ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини илгари суриш учун қулай шароитлар яратиш, тиббиётда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, инновацияларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шу жумладан, Маданият кунларини ўтказиш масалаларига эътибор қаратилди.
Губернатор Ломбардия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳа ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун президентга самимий миннатдорлик билдирди. Мамлакат ҳудудлари билан ўзаро манфаатли шерикликка кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунида давлат раҳбари Аттилио Фонтанага 2026 йилда Ломбардияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда муваффақиятлар тилади.
Изоҳ (0)