Руминиянинг Арад округида 5,2 магнитудали зилзила оқибатида ўнлаб бинолар, жумладан, мактаблар, шифохоналар ва черковлар вайрон бўлди, деб хабар беради Digi 24.
"Арад шаҳрида қайд этилган 5,2 магнитудали зилзила ўнлаб давлат муассасалари ва юзлаб уйларга зарар етказди. Маҳаллий префектура маълумотларига кўра, Арад округидаги ўнлаб жамоат бинолари, жумладан, 18 та мактаб зилзила оқибатида вайрон бўлган", — дейилади телеканал хабарида.
Вилоят кенгашининг тарихий биноси, Панкота мерияси маданият маркази, Гиорок ва Минишдаги православ черковлари, Ковасантдаги православ черкови ва Ёшлар маркази, шунингдек, Фрумусени, Алунис ёки Доробантидаги бошқа жамоат биноларига зарар етказилди.
Шу билан бирга, зилзиладан ўнлаб хусусий уйлар ҳам зарар кўрган.
Арад округи фавқулодда вазиятлар қўмитаси зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бошқариш учун техник ёрдам гуруҳини жойлаштиришга қарор қилди. Жамоа зарар кўрган биноларнинг хавфсизлигини баҳолайди. Шундан сўнг фуқароларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Изоҳ (0)