Қозоғистоннинг Абай вилоятида содир бўлган йирик ўрмон ёнғини оқибатида 3 нафар ўрмончи ҳалок бўлди, яна 11 нафари бедарак йўқолди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Республиканинг Россия билан чегарадош вилоятидаги ўрмон ёнғинлари 8 июнь куни бошланган. Ёнғин майдони 60 минг гектардан ошган. Фавқулодда ҳодиса жойига 8 та вертолёт жалб қилинган. 99 марта ҳаводан жами 275,5 тонна сув қуйилган.
Абай вилоятида аҳоли пунктларини эвакуация қилишга тайёрланмоқда
Гап Озерский қишлоқ округининг Каштак, Половинки, Тепкаши ва Талица қишлоқлари аҳолиси ҳақида бормоқда. Барча эвакуация қилинганлар Семейдаги 800 кишини сиғдира оладиган 9 та эвакуация пунктига жойлаштирилади.
“Эвакуация пунктлари коллежлар, университетлар ва шаҳар меҳмонхоналари биноларида жойлашган бўлиб, келганларнинг вақтинча яшаши учун хавфсиз шарт-шароитларни таъминламоқда. Бу пунктларнинг ҳар бирида иссиқ овқат ва зарур буюмлар билан таъминланган. Тезкор эвакуация қилиш учун 10 та автобус жўнатилди”, — деб хабар берди Семей маъмурияти.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ёнғинга учраган Абай вилоятига боради.
“Абай вилоятида рўй берган кенг кўламли ёнғин муносабати билан давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Вьетнамга 11—13 июнь кунларига мўлжалланган расмий ташрифи кечроқ муддатга кўчирилди”, — дейилади Акорда хабарида.
Президент Абай вилоятига ташриф буюриб, тезкор йиғилиш ўтказиш ва табиий офатдан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш чораларини кўришни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)