Рим шаҳридаги расмий тадбирлар дастурига мувофиқ, Шавкат Мирзиёев Кижи саройида Италия Вазирлар кенгаши раиси Жоржа Мелони билан музокара ўтказди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Унга кўра, бош вазир Жоржа Мелони Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда уларнинг муваффақиятига ишонишини билдирди. Етакчилар муносабатларни устувор йўналишларда янада мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш асосий вазифа экани таъкидланди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми кейинги йилларда икки баробар кўпайди. Металлургия, энергетика, электротехника ва бошқа тармоқларда Италиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди.
Амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олиб, томонлар технологик ва инновацион шериклик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини қайд этди. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди.
Маданият, италян тилини ўрганиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилди. Бош вазир Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади ҳамда “Италия – Марказий Осиё” ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирди.
Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилар экан, афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни, шу жумладан Термиз шаҳридаги логистика маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелонини ташриф билан мамлакатга келишга таклиф этди.
Изоҳ (0)