Қозоғистонда “рус дунёси”нинг икки тарафдори судланди. Улар Қозоғистон ҳудудида “махсус ҳарбий операция” бўлган тақдирда Россияни қўллаб-қувватлашини билдирган. Бу ҳақда “Оrdа.kz” хабар берди.
Гап Денис Рудний ва Кристина Колченко ҳақида кетмоқда. Улар Уралск аҳолиси ҳисобланади. Қозоғистонликларга нисбатан сепаратизм моддаси бўйича 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Денис Рудний блогер билан суҳбат чоғида Қозоғистоннинг Уалск шаҳри “аслида рус шаҳри” эканини айтган. Бундан ташқари, у қозоқларни “мамбет” деб атаган ва Россия Қозоғистонга ҳужум қилса, босқинчиларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Кристина Колченко эса Руднийнинг фикрини қўллаб-қувватлаган.
“Махсус ҳарбий опертация масаласида сиз биз томон бўласизми ёки қозоқлар томон? Агар Россия бу ерга келса, қайси тарафда бўласиз?” деган саволга Колченко “руслар учун” деб жавоб берган.
Натижада уларга нисбатан “Низо қўзғатиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиб, сўнгра сепаратистик баёнотлари учун жиноий иш очилган. Кейинчалик “рус дунёси” тарафдорлари узр сўраган, аммо бу уларга ёрдам бермаган. Шундай қилиб, Рудний 5 йил 2 ойга, Колченко эса 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)