Украина президенти Владимир Зеленский россиялик кўнгиллилар билан боғлиқ Белгород вилоятидаги воқеалар ҳақида гапирди. Сиёсатчи Украинага бегона ҳудудлар керак эмаслигини билдирди. Бу ҳақда “Ukrinform” хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Россия билан уруш бошламаган, шунинг учун у ўз ҳудудида босқинчиларга қарши курашмоқчи эмас. Украина Қуролли кучлари жангчилари ўз ерларини 1991 йилги халқаро тан олинган чегаралар ҳолатига қадар озод қилишни давом эттиради.
“Украина Россия ҳудудида урушаётгани йўқ. Украина фақат ўзининг мустақил ҳудудида жанг қилмоқда ва фақат ўз ерларини деоккупация қилади. Шу билан нуқта. Биз уруш бошлаганимиз йўқ, бизга ортиқча нарса керак эмас, ҳеч кимдан ҳеч нарса олмоқчи эмасмиз, лекин беришга тайёр эмасмиз, шунинг учун курашяпмиз. Агар ўзимизникидан воз кечишга тайёр бўлсак, жанг қилмасдик”, — дейди у.
Шунингдек, Зеленский Украина цивилизациялашган давлат ва НАТОнинг бўлажак аъзоси эканини, яъни у хорижий давлатларни тортиб олмоқчи эмаслигини, чунки бу Киевга бўлган муносабатга таъсир қилишини таъкидлади.
“Агар биз Европа Иттифоқи ва НАТОда бўлишни истасак, шунга яраша йўл тутишимиз керак”, — таъкидлади Украина президенти.
Изоҳ (0)