АҚШ янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага Patriot зенит-ракета комплекслари ва HIMARS ёппасига ўт очувчи реактив тизимлари учун ўқ дорилар, шунингдек, янги ҳаво мудофаа тизимларини беради. Бу ҳақда Оқ уйда бўлиб ўтган брифингда Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби маълум қилди.
Кирбининг айтишича, Украина Қуролли кучлари Patriot комплексларидан “анча самарали” фойдаланмоқда. Patriot ва HIMARS учун ўқ-дорилардан ташқари, ёрдам пакети таркибидан янги Avenger ва Stinger ҳаво мудофаа тизимлари, артиллерия снарядлари ва танкка қарши қуроллар учун ўқ-дорилар жой олади. Кирби Киевга бериладиган қуроллар сони ҳақида батафсил айтмади.
Гап Украинага 39-ёрдам пакети ҳақида кетмоқда, бунинг учун қуроллар АҚШ Мудофаа вазирлиги захираларидан олинади.
25 май куни Reuters АҚШ маъмуриятининг Украинага 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиш режалари ҳақида хабар берди. 31 май куни Пентагон бу миқдорни тасдиқлади. “Жами ҳисобда Қўшма Штатлар Жо Байденнинг президентлик муддати бошланганидан бери Украинага 38,3 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам юборди”, — дейилади АҚШ мудофаа вазирлиги баёнотида. Шундан 37,6 миллиард доллар 2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин ажратилган, дея аниқлик киритди вазирлик.
Изоҳ (0)