Фарғона вилояти Қува туманида 3 жойидан пичоқланган фуқарога суд-экспертизаси енгил тан жароҳати хулосасини берди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унга кўра, 21 апрель куни фуқаро Б.Т. Қува тумани Бегат қишлоғи марказида фуқаро А.А. билан келишмовчилик сабабли жанжаллашиб, Б.Т. ёнидаги ошхона пичоғи билан А.А.нинг ўнг ва чап сон ҳамда қорин қисмига қасддан уриб, тан жароҳати етказган.
Туман тиббиёт бўлимининг дастлабки хулосасига асосан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “м” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тайинланган судга оид экспертизанинг 15 май кунги хулосасида жанжалга аралашган 4 нафар фуқарода 6 кундан кўп давом этмайдиган, фуқаро А.А.да қорин, кўкрак, ўнг ва чап сон, ёнбош соҳаларида кесилган яралар аниқланиб, 21 кундан кўп бўлмаган муддатга соғлиғини бузилишига сабаб бўлувчи енгил тан жароҳатлари кўрсатилган.
Фуқаро А.А. экспертнинг мазкур хулосасига эътироз билдиргани сабабли судга оид қайта тиббий экспертиза тайинланиб, ижро этиш учун Андижон вилоятига юборилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)