Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида метеорологик радиолокатор ўрнатилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Баландлиги 24 метр бўлган радиолокатор Финляндиянинг Vaisala компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда ўрнатилди.
Қурилма 200 километр рadiusдаги мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ҳодисалари, жумладан, булутлар оқими, шамол тезлиги ва йўналиши, ёмғир, дўл, қор миқдори ва давомийлиги ҳақида хабардор қилади. Шунингдек, момақалдироқ содир бўлган ҳудудларни метеорологик карталарга тушириш имконияти мавжуд.
Маълумотлар ҳар 5 дақиқада янгиланади ва мунтазам равишда “Ўзгидромет”нинг метеорологик локаторлар геопорталига узатиб берилади.
Радиолокаторни ишга тушириш маросимида “Ўзгидромет” раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши ва Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил март ойида худди шундай радиолокатор Бухоро вилоятининг Когон туманида ҳам ўрнатилганди. Ўшанда Шерзод Ҳабибуллаев Ўзбекистонда табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 миллион кишининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётгани, етказилаётган зарар эса қарийб 3 миллиард долларни ташкил этаётганини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)