“Манчестер Юнайтед” афсонасига айланган франциялик футболчи Эрик Кантона 31 ёшида фаолиятини якунлаган. Манчестерлик мухлислар томонидан “Қирол Эрик” деб ном берилган ва Фергюсонни ҳайратда қолдирган футболчи 57 ёшга тўлди. Қуйида Эрик Кантонанинг фаолияти ва нима учун футболдан эрта кетгани ҳақида сўз боради.
“Манчестер Юнайтед” учун еттинчи рақам алоҳида аҳамиятга эга. Еттинчи рақамни олган футболчи жамоа етакчиси бўлишга ва ўзининг энг яхши футболини кўрсатишга мажбур. Бу қўшимча маъсулият юклайди. Масалан, еттинчи рақамни олган Антонио Валенсия буни кўтара олмаган. Эквадорлик футболчи барча муаммоларига шу рақам сабаб деб ҳисоблаган. Мемфис Депай, Анхел Ди Мария, Алексис Санчес ҳам еттинчи рақам юкини ўзида ҳис қилган.
Эрик Кантона бутунлай бошқача ўйнаган. “Манчестер Юнайтед” мухлислари франциялик ўйинчини жамоада ўйнаган энг яхши футболчи деб топган (Inside United журнали версиясига кўра). Эрик 1997 йилда кутилмаганда фаолиятини якунлашини эълон қилди. Кантона яна узоқ вақт юқори даражада ўйнаши мумкин эди. Бироқ футболдан анча эрта кетди — 31 ёшида.
Англиядаги фаолиятини “Лидс”да бошлаган. Платини уни “Ливерпуль”га таклиф қилган, бироқ клуб рад этган
Мишел Платини футбол функционерига айланишидан аввал мураббий сифатида фаолият юритган. Франция терма жамоаси 1990 йилги Жаҳон Чемпионати саралашини муваффақиятсиз бошлаган. Платини эса ўша вақтдаги терма жамоа мураббийи Анри Мишел ўрнига тайинланган. “Учранглилар” авлодлар алмашинувини бошидан ўтказаётганди. Жамоанинг асосий юлдузларидан бири Эрик Кантона эди.
1991 йилнинг сентябрь ойида УЕФА Кубогида “Осер” жамоаси “Ливерпуль”га қарши майдонга тушган. Ўйиндан кейин Платини мерсисайдликлар мураббийи Грем Сунесс билан учрашади ва Кантона билан шартнома имзолашни таклиф қилди.
“Мишел олдимга келди ва ъсен учун ажойиб футболчим бор. У жуда ҳам истеъдодли, лекин характери ёмон, шунинг учун Францияда яшашга қийналмоқдаъ, деб айтди. Платинига жамоамда жуда кўп муаммолар бор ва таваккал қилмоқчи эмасман, деб жавоб бердим”, — дея эслайди Сунесс.
Орадан йиллар ўтиб Сунесс қароридан афсусланганини тан олди. Камтарона “Ним” жамоасида тўп сурадиган Кантонанинг нархи (1,2 миллион фунт) катта бўлмаган. Эрик “Шеффилд Уэнсдей” жамоасида кўрикдан ўтган, бироқ “Лидс” билан шартнома имзолаганди. Англия футболи катта ўзгаришлар арафасида турганди. Биринчи дивизион клублари EFL’ни тарк этди ва Англия Премер Лигаси пайдо бўлди.
Мусобақа Англия Премьер Лигаси деб аталишидан аввалги сўнгги мавсумда “Лидс” чемпионга айланган. Кантона жамоага февраль ойида келган ва саккизта ўйин ўтказган бўлса ҳам клубга титул ютишда ёрдам берган (2 гол ва 1 ассист). Эрик 1992/93 йилги мавсумни яхши бошлаган. Футболчи 19 та ўйинда 11 та гол урган ва иккита ҳет-трик қайд этган. Биринчи ҳет-трикка “Ливерпуль”га (4:3) қарши Суперкубок ўйинида, иккинчисига эса АПЛ доирасида “Тоттенҳэм”га (5:0) қарши ўйинда эришган. Ўша вақтда Кантона “Лидс”нинг азалий рақиби “Манчестер Юнайтед”га ўтиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган.
“Манчестер Юнайтед”га ўтиши ва “қирол” мақоми. Фергюсон Эрикнинг ўйинидан ҳайратда қолган
Сер Алекс Фергюсонга Кантона каби футболчи керак эди. “Манчестер Юнайтед”га “сеҳргарлик” қиладиган футболчи етишмасди, Премьер Лигада бундай ўйинчилар иккита эди — Кантона ва Ле Тиссе. “Саутҳэмптон” билан келишишнинг иложи бўлмади, “Лидс” эса музокараларга очиқ бўлиб чиқди.
Кантона мавсум давом этаётган вақтда “Манчестер Юнайтед”га келди ва дарҳол еттинчи рақамни олди. Шундай қилиб “Қирол Эрик”нинг (“Манчестер Юнайтед” мухлислари футболчини шундай атаган) ҳикояси бошланган. Франциялик футболчи ярим йил ичида 22 та ўйин ўтказган, 9 та гол урган ва 11 та ассист қайд этган. Эрик терма жамоада ҳам шундай ўйнашда давом этган ва 1993 йилдаги “Олтин тўп” учун курашда учинчи ўринни эгаллаган. Футболчи Баджо ва Бергкампдан ортда қолган.
Эрикни майдонда тўхтатиб бўлмасди. Футболчи ҳужумда керак бўлган барча ишни қиларди ва етарлича баланд бўйи (188 см) бақувват ҳимоячилар билан иккинчи қаватда курашишда ёрдам берарди. Тезлик, техника, иккала оёқ билан ҳам зарба бера олиш, майдонни кўриш, голни ҳис қилиш инстинкти — буларнинг барчаси Кантонада бор эди.
“Ҳеч ким ‘Олд Траффорд’ни Кантона каби ёритмаган”, — деб эслаганди кейинроқ Фергюсон. Франциялик ўйинчи “Манчестер Юнайтед” учун футболчи ёки лидердан каттароқ шахсга айланди. 1990 йиллардаги “Манчестер Юнайтед”нинг иконаси ва рамзи.
Кутилмаганда фаолиятини якунлаши. Эрик футболга бўлган иштиёқини йўқотганини маълум қилди
Кантонанинг келиши билан АПЛда “Манчестер Юнайтед” эраси бошланганди. “Қизил иблислар” Эрикнинг ёрдами билан беш йилда тўртта чемпионликни қўлга киритди. У ўзининг юқори даражасини сақлаб қолди. Ҳар мавсумда “гол+пас” тизими бўйича камида 20 очко тўплади. 1994 йилда футболчи Премер Лигада йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди (PFA ўйинчилари версиясига кўра).
“Қирол Эрик”нинг ҳукмронлиги узоқ давом этмади. Кантона 1997 йилда фаолиятини якунлашини эълон қилди. Бу қарор барчани ҳайратда қолдирди. Бундан биринчи бўлиб Фергюсон хабар топди. 1996/1997 йилги мавсум Чемпионлар Лигаси ярим финалида “Боруссия Д”дан учралган мағлубиятдан кейин Кантона буни мураббийга маълум қилганди. Бир ой ўтиб, Эрик 31 ёшни қаршилаётган вақтда ОАВ учун расмий баёнот берди.
“Ҳар доим футболга бўлган иштиёқни йўқоцам, фаолиятимни якунлашимни айтганман. Ҳеч ким менга ишонмаганди. Лекин футболдан кетяпман”, — деганди француз.
Кантона учун янги иштиёқ киноматография соҳасида топилди. Биринчи актёрлик тажрибасини 1995 йилда, ҳали “Манчестер Юнайтед”да ўйнаб юрган вақтида олган.
Франциялик футболчининг кетиши билан “Манчестер Юнайтед”да таркибни ёшартириш ишлари бошланди. Клубнинг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан ташкил топган “92-синф” вакиллари кўпроқ ўйнашни бошлади. Сардорлик боғичи Эрик Кантонадан Рой Кинга ўтди. Еттинчи рақам эса Девид Бекҳэмга. Кантонанинг сўзларига кўра, ўзини жисмоний жиҳатдан яхши ҳис қилган ва камида яна беш йил ўйнай олиши мумкин эди. Шунга қарамай Эрик фаолиятини эрта якунлаганидан афсусланмаган.
Маълумот учун, Кантона футболчилик фаолиятини бундан ҳам эртароқ якунламоқчи эди. 1991 йилда “Ним” таркибида ўйнаётган Эрик ҳакамга тўпни отгани учун дисквалификация қилинди. Шундан сўнг Кантона мамлакат футбол раҳбарияти билан жанжаллашиб, фаолиятини якунлашини маълум қилди. Мишел Платини уни қайтишга кўндирганди.
Изоҳ (0)