Александр Лукашенко аденовирус инфекцияси билан касаллангани учун бир неча кун омма олдига чиқмаганини айтди.
“Мени ўлади деб ўйлаётганлар, тинчланинг. Бу мессенжерлар ва Telegram каналларидаги сафсаталардан бошқа нарса эмас. Аденовирус”, — деди Лукашенко.
Лукашенконинг айтишича, одатда аденовирус инфекцияси “уч кунда даволанади”, лекин у банд бўлгани учун вақтида даволана олмаган. Унинг Москва, Гродно, Гомелга сафарлари режалаштирилган эди.
Лукашенко ўлимгача бормаслигини таъкидлади. “Ўлаётганим йўқ. Сиз ҳали мен билан жуда узоқ вақт азоб чекасиз”, — деди у.
Лукашенко 9 майдан 15 майгача омма олдига чиқмади. Ғалаба куни у Москвадаги парадда ва Минскдаги гул қўйиш маросимида қатнашган, аммо бошқа протокол тадбирларини ўтказиб юборган. 14 май куни у Беларусь байроғи, герби ва мадҳияси кунини нишонлаш маросимида ҳам қатнашмади. Беларуснинг энг йирик мустақил нашри “Зеркало” вазиятни “ғайриоддий” деб баҳолади. Ижтимоий тармоқларда Беларусь раҳбарининг соғлиғи ёмонлашгани, ҳатто, вафот этгани ҳақида қизғин баҳслар бошланди. Лукашенко 15 май куни марказий Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлик пунктига ташрифи чоғида оммага кўринди.
Изоҳ (0)