Андижон вилоятининг Андижон туманида майнинг крипто-активлари қурилмалари ўрнатилган хонадон аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда аниқланишича фуқаро М.I. ўз уйида 45 та тўпламдаги “Битмаин” майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига улаб, жами 323,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ноқонуний майнинг фермалари
Бундан аввал ҳам Андижонда майнинг крипто-активлари қурилмалари ўрнатган шахс аниқланганди. Унда 183,6 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Шунингдек, Бухорода давлатга 2,66 миллиард сўмлик зарар келтирган ноқонуний майнинг ферма аниқлангани, Нурафшонда майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатганлар ушлангани, Андижонда ноқонуний майнинг ферма ташкил қилган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)