“Теҳрон АҚШ билан музокарага очиқ” — Эрон Адлия раҳбари
Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсиний Эжей Теҳрон АҚШ билан музокаралар учун очиқ эканини айтди. Бироқ у таҳдидлар остида Эроннинг зиммасига бирор “сиёсатнинг юкланиши”ни қабул қилмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Мizan Online нашри 1 май куни эълон қилган видеода Муҳсиний Эжей шундай дейди:
“Ислом Республикаси ҳеч қачон музокаралардан қочмаган. Лекин биз тазйиқ остида шартлар қабул қилинишига асло рози бўлмаймиз”.
Унинг қўшимча қилишича, Эрон урушни асло хушламайди ва унинг давом этишини истамайди. Аммо мамлакат урушдан қочиш учун ўз принциплари ва қадриятларидан воз кечмаслигини билдирди. У АҚШни “ёвуз душман” деб атади.
Ҳормуз бўғози ва янги таҳдидлар
Al Jazeera нашрининг
ёзишича, Эрон агар Вашингтон ҳужумларни қайта бошласа, Форс кўрфазидаги АҚШ объектларига узоқ давом этувчи ва оғриқли зарбалар бериш билан таҳдид қилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Ҳормуз бўғозининг ёпилишини ҳимоя қилди.
IRNA агентлигининг хабар беришича, у бу чорани халқаро ҳуқуқ доирасидаги қонуний мудофаа деб атади. Бақоий АҚШни Эрон қирғоқларидаги сув йўлидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишда айблади.
Тўхтаб қолган мулоқот
Эрон ва АҚШ ўртасида 28 февралда бошланган 40 кунлик урушдан сўнг, ўт очишни тўхтатиш режими остида фақат бир марта музокаралар ўтказилди. Ҳозирда жараён тўхтаб қолган. Бу орада АҚШ Эрон портларига нисбатан денгиз блокадасини жорий қилди. Шунга қарамай, Эрон Ҳормузни деярли ёпиқ ҳолда ушлаб турибди. Уруш бошланганидан бери у ердан жуда кам сонли кемалар ўтди.
Axios нашри хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп яқин орада АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари адмирал Бред Купердан Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бўйича брифинг қабул қилиши кутилмоқда. Трамп ўз маслаҳатчиларига Эронга қарши блокадага тайёрланишни
буюрган.
“Шармандали мағлубият”
Моҳсиний Эжейнинг фикрича, АҚШ уруш давомида ҳеч нарсага эриша олмади. Шу сабабли Теҳрон музокараларда ўз позициясидан чекинмайди. Эрон олий раҳнамоси Мпжтаба Хоманаий ўзининг 30 апрель кунги мурожаатида АҚШ ушбу урушда “шармандаларча” мағлубиятга учраганини
айтди.