Польша Россия билан чегара яқинида жойлаштириш учун Американинг HIMARS ёппасига ўт очувчи реактив тизимлари биринчи партиясини олди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Мариуш Блашакка таяниб Euronews хабар берди.
Март ойида Польша мудофаа вазирлиги реактив тизимлар Калининград билан чегарадан 80 километр узоқликдаги Олштин шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм томонидан қўлланилишини маълум қилганди. Блашакнинг сўзларига кўра, HIMARS “мамлакатнинг шарқий қаноти ва НАТОдаги Польша армиясини кучайтиради”.
Варшава 2019 йилда АҚШдан 20 та HIMARS сотиб олиш бўйича келишувга эришганди, ҳозирда тизимларнинг биринчи партиясини олди. Бундан ташқари Польша ҳукуматидагилар Вашингтон билан кўпроқ қурол етказиб бериш бўйича музокара олиб бораётганини айтишмоқда.
“АҚШ Конгресси Польшага 500 га яқин ракета учириш мосламаларини сотишни маъқуллади. Улар Польшага имкон қадар тезроқ етказиб берилади”, — деди Польша мудофаа вазири. Шунингдек, у янги шартнома бўйича HIMARS тизимларини Польшада биргаликда ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши мумкинлигига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Польша мудофаа харажатларини сезиларли даражада, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тўрт фоизигача ошириш режаларини эълон қилган. Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида Польшани “тезроқ” қуроллантириш зарурлигини тушунтирган.
Изоҳ (0)