Миср ҳукумати томонидан мамлакатимиз шифохоналарида фойдаланиш учун инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган, дунёда кенг тарқалган касалликлардан бири — гепатит C га қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларининг иккинчи партияси Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур акцияни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг Қоҳирадаги элчихонаси ва Uzbekistan Airways авиакомпанияси ташкил этган бўлиб, ушбу юкнинг олиб келиниши Ўзбекистон ва Миср ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусологияда ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида аввал эришилган келишувларнинг амалий натижаси ҳисобланади.
Умумий қиймати 62 минг долларни ташкил этган 7,7 минг дан ортиқ “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Таъкидланишича, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 2023-2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,8 миллион долларлик жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) гепатит C га қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини Ўзбекистонга бепул етказиб бериш бўйича келишувларга эришилган.
Май бошида ҳам Миср ҳукумати томонидан юборилган “Даклатасвир” дори воситасининг дастлабки партияси Тошкентга олиб келинганди. Апрелда эса Ўзбекистонда 1 миллион аҳоли вирусли гепатитнинг Б ва C турларига қарши скринингдан ўтказилиши маълум қилинган эди. Мазкур текширувларда вирусли гепатит C касаллиги тасдиқланган 10,5 минг нафар беморларда даволаш тадбирлари амалга оширилади.
Изоҳ (0)