АҚШ президенти Жо Байден вице-президентлиги вақтида коррупция схемаларида иштирок этганликда гумонланмоқда. Икки республикачи конгрессмен бу ҳақда аноним маълумотни қўлга киритганини билдирди.
Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси раиси Жеймс Комер ва сенатор Чак Грессли АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд ва Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рейга очиқ хат йўллаб, АҚШ президенти Жо Байденнинг вице-президент бўлиб ишлаган даврида коррупция схемаларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида аноним маълумот олганликларини даъво қилди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, улар номаълум маълумот берувчидан Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюросида “ўша пайтдаги вице-президент Байден ва сиёсий қарорлар учун пул алмашинуви билан боғлиқ чет эл фуқароси иштирокидаги даъво қилинган жиноий схема тасвирланган FD-1023 махфий шакли борлиги ҳақида маълумот олган”.
“Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюроси Америка халқига ошкор қилмаган қимматли, текширилиши мумкин бўлган маълумотларга эга. Шунинг учун Конгресс бу масалани мустақил ва холис кўриб чиқишга киришади”, — деб ёзади конгрессменлар.
Оқ уй расмий вакили Ян Самс республикачиларни “аноним туҳматда” айблаб, чақирув қоғозини Республикачилар партиясининг Байден ва унинг оиласига нисбатан олиб бораётган тергови билан боғлаган.
Комер Байден оиласини мунтазам корруспсияда айблаб келади
Жеймс Комер 2020 йилдан бери Байден билан боғлиқ одамларни оммавий равишда турли коррупцион схемаларга алоқадорликда айблаб келади. 2023 йилнинг январида у молия вазири Жанет Еллендан президент оиласи аъзоларининг “шубҳали иш операциялари” тўғрисида маълумот сўраган.
Март ойида у Bank of American’дан Жо Байденнинг ўғли Хантер иш шерикларига оид банк ҳужжатларини талаб қилган. Байден доим ўғлининг хориждаги иш операцияларига алоқадорлигини рад этиб келади. Байденнинг адвокатлари Комерни “Байден оиласи ҳақидаги уйдирма ва аллақачон рад этилган фитна назарияларини” тарқатишда айблади.
Изоҳ (0)